Taqdirlash marosimi
Описание
Тошкентда Халқаро Менделеев, Халқаро Жаутиков ҳамда Кавказ математика олимпиадалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди Бугун, 1 май куни пойтахтимизнинг 97-умумтаълим мактабида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ҳамда 6-Кавказ математика олимпиадасида ғолиб бўлган ўқувчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Юқорида номлари келтирилган олимпиадаларда ғолиб бўлган 21 нафар ўқувчининг барчасига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида моноблок, олтин медаль соҳибларига қўшимча равишда телевизорлар тақдим этилди. Шунингдек ўқувчиларни тақдирлаш ташаббуси билан чиққан “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Китоб маркази китоб дунёси тармок савдо марказларининг ҳам совғалари топширилди. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 8-12 январь кунлари масофавий тарзда математика, физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ташкил этилди. Унда 21 та давлатдан 146 та жамоа, жами 1006 нафар иштирокчи ўз билимини синаб кўрди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан мазкур халқаро олимпиадада 10 та жамоа (70 нафар иштирокчи) иштирок этди ва 13 нафар мамлакатимиз ўқувчилари олимпиада якунига кўра 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 10 та бронза медалларини қўлга киритди. 2021 йилнинг 12-17 март кунлари 6-Кавказ математика олимпиадаси масофавий тарзда ўтказилди. Унда Ўзбекистонлик ўқувчилар 5 та медални (4 та кумуш ва 1 та бронза) қўлга киритди. Халқаро олимпиадада турли давлатлардан жами 300 га яқин ўқувчилар иштирок этди. 2021 йил 20-26 апрель кунлари 28 та давлат ўқувчилари ўртасида 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси онлайн тарзда ўтказилди. Ўзбекистон шарафини мазкур олимпиадада 7 нафар ўқувчи ҳимоя қилиб, уларнинг барчаси совриндор бўлди. Якуний натижаларга кўра, ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчиларимиз 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан тақдирланди. Эндиликда ўқувчилар нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритиш учун тайёргарлик олиб борадилар.
Комментарии